Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарининг маҳаллийлаштириш ва кооперация павильонида бўлди (Фото+видео)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қарши шаҳрида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг маҳаллийлаштириш ва кооперация павильони ишга туширилди. Давлатимиз раҳбари мазкур павильонга ташриф буюриб, унда намойиш этилган экспонатлар билан яқиндан танишди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан мазкур павильон, уни ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳамда келгусида уни такомиллаштириш режалари ҳақида ахборот берилди.

Бугун тармоқда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг деярли 50 фоизидан ортиғи Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган саноат объектлари ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабдан, тармоқ корхоналари учун зарур бўлган маҳсулотлар, бутловчи қисм ва материалларни бевосита ушбу вилоят маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш асосий мақсад қилиб олинган.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг февраль ойида Қарши шаҳрида илк маротаба “Нефтгаз кооперация форуми” ўтказилган эди. Мазкур форумда 200 дан ортиқ корхоналар иштирок этиб, натижада, умумий қиймати 117 млрд сўмлик 175 та шартнома имзоланди. Бугунги кунда умумий қиймати 64 млрд сўмлик 56 та шартнома бўйича тўловлар амалга оширилиб, маҳсулот ва хизмат етказиб берилиши якунланди.

Ушбу тадбирнинг мантиқий давоми сифатида Қарши шаҳридаги Корхоналарни хусусийлаштириш ва соғломлаштириш клиникасида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг маҳаллийлаштириш ва кооперация павильони ташкил этилди. Мазкур павильонда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан яқин йилларда ўзлаштирилган 100 га яқин маҳсулотлар ҳамда ишлаб чиқариш учун таклиф этилаётган 500 га яқин маҳсулот намуналари жойлаштирилган.

Маҳсулотни ўзлаштириш истагини билдирган тадбиркорлар учун павильоннинг ўзида оператив режимда барча зарур маъломотлар тақдим этиш имконияти яратилган, шу жумладан, маҳсулотнинг кўриниши, тури, маркаси, техник хусусиятлари, ўртача нархи, техник талабномаси шу ернинг ўзида тақдим этилади.

Алоҳида мониторларда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг импортдан харид қилинаётган ва ишлаб чиқариш учун таклиф этилаётган маҳсулотлари Онлайн кўргазмаси платформаси ҳам келтирилган. Ушбу онлайн кўргазмада тармоқ эҳтиёжи учун зарур бўлган 8,5 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлар ва хизматлар корхоналар кесимида жойлаштирилган.

Бундан ташқари, павильонда бурғилаш, қазиб олиш, қайта ишлаш корхоналари технологик қурилмалари ҳақида кўргазмали стендлар жойлаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев павильон билан танишар экан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация даражасини янада кенгайтириш, харидлар жараёнларини тизимлаштириш ва рақамлаштириш ишларига жиддий урғу берилиш зарурлиги юзасидан топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2020 йил учун Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1,2 трлн сўмлик 15 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Хусусан, пиролиз газолини, евро 4,5 дизель ёқилғиси, бентонит кукуни, томчилатиб суғориш тизими ва ҳоказо. Маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига импорт ҳажмини 247 млн долларга қисқартиришга эришилади.

Жорий йилнинг январь–октябрь ойларида Республика кооперация портали орқали 600 млрд сўмдан зиёд маҳсулотлар харид қилиниб, 246 та маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик ўрнатилди (шундан 48 таси янги корхоналар). Бу йил кооперация асосида активлаштирилган кўмир (иқтисод 110 минг доллар), коррозияга қарши ингибиторлар (800 минг доллар), газ босимини ўлчагичлар (254 минг доллар), турли хил қувурлар ва бошқалар ишлаб чиқарилиши ташкил этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|