“Ўзбекнефтгаз”: Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорлик Меморандуми имзоланди

Бош саҳифа Русский

Ҳар бир соҳанинг ривожланиши ва унинг келажаги фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвийликка боғлиқ. Бу узвийликни мустаҳкам даражада ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлар қабул қилинди.

Ушбу қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Тошкент давлат техника университети ўртасида таълим ва тадқиқот соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида имзоланган англашув Меморандуми ҳам ана шулар жумласидандир.

Меморандумнинг мақсади – томонлар ўртасида назарий ва амалий билимларни уйғунлаштириш, талабаларни ўқитишда таълим сифатини ошириш, келгусида ҳамкорликда ёшлардан етук мутахассис кадрлар тайёрлашдан иборат.

Ҳамкорлик доирасида нефть ва газ соҳасига оид тайёрланаётган барча йўналишлар бўйича бакалавр ва магистр талабаларини ишлаб чиқариш ва илмий амалиётини қўшма корхоналарда ташкил этишга ҳам кўмаклашилади. Уларга ишлаб чиқариш, ўқув лаборатория, илмий амалиётини ёки стажировкаларини ташкил этишларида шароит яратиб берилади.

Шунингдек, талабалар, илмий ишлар олиб бораётган педагогларга амалиётларни ўташ, республика ва хорижий мамлакатларда малака ошириш ҳамда касбий қайта тайёрлашни ташкил этишда кўмаклашилади.

Ишлаб чиқаришни оптималлаштириш ва технологик жараёнларда юзага келадиган илмий-инновацион муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун томонларнинг профессор-ўқитувчи кадрлари, таянч докторант, докторант, ёш олимлар ва тадқиқотчиларни жалб этган ҳолда қўшма тадқиқотлар ва ишлаб чиқариш синовларини биргаликда ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Келгусида илмий асосланган ишончли ахборотлар асосида илмий мақолалар нашр этилади, олинган илмий натижаларга патент ва фойдали моделлар расмийлаштирилиб, ишлаб чиқариш жараёнларига тадбиқ этилади.

Меморандум доирасида бўлғуси кадрларни рағбатлантириш ва стимуллаштириш мақсадида, танловлар, спорт мусобақалари, ижодий ва мутахассисликка оид кечалар каби оммавий ёшлар тадбирлари ўтказиб борилади.

Таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида, докторант, таянч докторантлар, мустақил изланувчи ва изланувчиларга иккиталик илмий раҳбарликни ташкил қилиш имкони яратилди. Бунда, биринчи илмий раҳбар институт томонидан, иккинчи раҳбар эса ишлаб чиқариш корхоналарининг етук мутахассислари томонидан тайинланади.

Қолаверса, келгусида ишлаб чиқариш корхонаси билан университет ҳамкорлигида қўшма илмий тадқиқот лойиҳалари, қўшма илмий ишланмалар бўйича хўжалик шартномалари тузилади. Ишлаб чиқариш корхоналари ходимларини илмий изланиш (PhD, DSc) тадқиқотларини жалб этган ҳолда қўшма раҳбарликда соҳага оид тадқиқот ўтказиш ҳамда амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинадиган давлат грантларида қатнашилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|