“Ўзбекнефтгаз” терма жамоаси футбол бўйича “Бош вазир кубоги–2020” мусобақасини ғалаба билан бошлади (Фото)

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида анъанавий тарзда “Бош вазир кубоги” мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Бугун, 4 октябрь куни “Бунёдкор” футбол академиясининг машғулот майдонларида футбол бўйича “Бош вазир кубоги–2020” мусобақасига старт берилди.

Мусобақага жиддий ёндашган ҳолда пухта тайёргарлик кўрган “Ўзбекнефтгаз” АЖ Марказий аппарати ходимлари ҳам “Ўзбекнефтгаз” жамоаси номи остида турнирда иштирок этишмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан жамоа аъзоларининг турнир олди машғулотлари учун барча шароитлар яратиб берилди.

Жамоа ўзининг дастлабки учрашувини Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг “Ватанпарвар” жамоасига қарши ўтказди.

Ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан устунликни қўлга олган “Ўзбекнефтгаз” жамоасига қарши ҳужумлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилди ва 7-дақиқада Суннат Абдуназаров учрашувдаги дастлабки голга муаллифлик қилди. Ҳисоб 1:0.

1-таймнинг 13-дақиқасида Суннат Абдуназаров яна бир бор рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди ва ҳисобни 2:0 бўлишини таъминлади.

20-дақиқада эса Суннат Абдуназаров жамоадошлари томонидан ошириб берилган тўпни қабул қилиб, дарвозабон билан яккама-якка қолди. Ушбу вазиятда ҳам жамоамиз аъзоси аниқ ҳаракат қилди ва хет-трик муаллифига айланди. 1-бўлим 3:0 натижаси билан тугади.

“Ўзбекнефтгаз”-“Ватанпарвар” жамоалари ўртасидаги учрашувнинг 2-таймида рақиб қарши ҳужумга эътибор қаратди ва уларнинг ҳимоядаги хатосидан Уйғун Худойбердиев ҳам унумли фойдаланди.

Жамоа сардори Ренат Жумаев томонидан ошириб берилган тўпни у аъло даражада дарвозага жойлади ҳамда “Ўзбекнефтгаз” фойдасига 4-голни ёзиб қўйди. Ҳисоб 4:0.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, жамоа ҳимоячилари ушбу учрашувда деярли хатога йўл қўйишмади, рақибнинг ҳужумларини бехато бартараф эта олишди.

Сўнгги дақиқаларда уюштирилган яна бир ҳужум, жамоамиз вакилларининг ҳисобни йирик кўринишга олиб келиши билан якун топди.

Жамоанинг 5-голига муаллифлик қилган Суннат Абдуназаров футбол бўйича “Бош вазир кубоги–2020”да ўзига хос рекорд қайд этди, яъни у ҳозирча дастлабки учрашувда покер қила олган ягона футболчи бўлиб турибди.

“Ўзбекнефтгаз” жамоасининг тўлиқ устунлигида ўтган учрашувда жамоа 5:1 ҳисобида ғалабани қўлга киритди ва кейинги босқичга йўл олди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4-12 октябрь кунлари футбол бўйича “Бош вазир кубоги–2020”да 64 жамоа ғолиблик учун баҳс олиб боради.

“Ўзбекнефтгаз” жамоаси

Жамоа раҳбари:
Меҳриддин Абдуллаев

Жамоа мураббийлари:
Ғулом Ҳалимтоев, Ғайрат Юлдашев, Анвар Авезов

Жамоа аъзолари:
Камолиддин Усмонов (Дарвозабон), Ренат Жумаев (Ҳимоячи), Жавоҳирбек Анваров (Ҳимоячи), Айдос Боранбаев (Ҳимоячи), Жасур Шайхов (Ярим ҳимоячи), Отабек Ҳасанов (Ярим ҳимоячи), Уйғун Худойбердиев (Ярим ҳимоячи), Беҳзод Зулфиқаров (Ярим ҳимоячи), Музаффар Мелибоев (Дарвозабон), Отабек Ғозиев (Ҳимоячи), Жавлон Азимов (Ҳимоячи), Фарҳод Шавдиллаев (Ҳужумчи), Суннат Абдуназаров (Ҳужумчи), Шерзод Нарзуллаев (Ҳимоячи), Элёр Фармонов (Ярим ҳимоячи)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|