“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси ва “Ишчи гуруҳ” Шўртандаги “Жанубий тандирча” конидаги бурғилаш ишлари ҳолатини ўрганди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Шўртан” конида бўлиб, у ерда амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.

“Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан “Ўзнефтгазбурғилашишлари” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган бурғилаш ишлари ва у ерда ишчи-ходимлар учун яратилган шароит ўрганилди.

Махсус штабда жорий йилнинг 1-ярим йиллигида бажарилган ишлар ҳамда кейинги ярим йилликда амалга оширилиши режалаштирилган бурғилаш ишлари бўйича масъуллар томонидан Бошқарув раисига ҳисобот берилди.

“Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан режага асосан ва сифатли амалга ошириш орқали углеводород хом-ашёсини қазиб чиқаришни кўпайтиришга эришиш кераклиги таъкидланди.

Ташриф давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ва “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Жанубий тандирча” конидаги Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасида ҳам бўлди.

Конлараро қувурларда газ узатиш қувватини ошириш ва газ узатиш қувурларидаги гидравлик қаршиликларни олдини олиш ҳамда газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида ишга туширилган “Жанубий тандирча” конидаги Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасида ишчи-ходимлар учун пандемия даврида ташкил этилган меҳнат шароити ўрганилди.

“Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан ушбу кон ҳудудида капитал таъмирлаш ишлари ўтказилаётган 54-сонли табиий газ қудуғи ва бурғилаш ишлари олиб борилаётган 63-сонли қудуқдаги иш жараёни атрофлича кўриб чиқилди.

Ишчи-ходимлар билан суҳбатда бўлган Бошқарув раиси амалда улар учун яратилган шароит билан танишди ҳамда масъулларга тегишли тартибда ишчиларнинг дам олиши, овқатланиши учун яхши шароит яратиб бериш кераклигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Шўртан” нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги ҳолатни ўрганиб бўлиб, “GTL” заводи қурилиш майдонига жўнаб кетдилар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|