“Ўзбекнефтгаз”: Қашқадарё вилояти ҳудудида олиб борилган геология-қидирув ишлари натижасида 2 та газ конденсатли кон очилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қашқадарё вилояти ҳудудида углеводород хомашё захираларини кўпайтириш бўйича берилган топшириқлари ижроси доирасида излов-қидирув, бурғилаш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини амалга ошириш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Қашқадарё вилояти ҳудуди бўйича 2021 йилда 10 та янги майдонни бурғилашга киритиш, 10 та излов-қидирув қудуқларини қурилиш билан тугатиш, 55,7 минг метр ҳажмда бурғилаш ишларини бажариш, 11 млрд куб метр ҳажмда табиий газ ва 220 минг тонна ҳажмда суюқ углеводородлар захирасини ўстириш ишлари бошлаб юборилди.

Бугунги кунда, Дастур доирасида Қашқадарё вилояти ҳудуди бўйича:

– 8 та янги майдон излов бурғилашга киритилди (“Ижобат”, “Бўталабулоқ”, “Ниёз”, “Еттиқудуқ”, “Истиқбол”, “Қуйи Помуқ”, “Ойдин” т.ю, “Чорбоғ”);

– 3 та қудуқ қурилиш билан тугатилди (“Телегри-1”, “Ижобат-1”, “Чорбоғ-1”);

– 32 минг метр ҳажмда излов-қидирув бурғилаш ишлари бажарилди;

– 3 та қудуқда синаш ишлари олиб борилмоқда (“Ижобат-2”, “Бўталабулоқ-1”, “Шодлик-1”).

Жорий йилнинг январь-июль ойлари мобайнида, олиб борилган геология-қидирув ишлари натижасида вилоят ҳудудида 2 та газ конденсатли кон очилди (“Ижобат” ва “Раззоқбобо” конлари).

Шу билан бирга, вилоят ҳудудида жойлашган йирик конларнинг қуйи қатламларида углеводород уюмларини аниқлаш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Шўртан” ва унга ёндош конлар ҳудудида юра даври терриген ётқизиқларининг нефтгазлилик истиқболини баҳолаш мақсадида 2021 йилда 620 км.кв ҳажмда 3Д сейсмик қидирув ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Январь-июль ойлари мобайнида Шўртан кони ҳудудида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамкорлигида замонавий илғор 900 мин каналга эга бўлаган 3Д сейсмик комплексларни жалб қилган ҳолда 250 км.кв ҳажмда 3Д сейсмик қидирув ишлари бажарилди (расм 1-7).

3Д сейсмик қидирув ишлари натижасида олинган дастлабки геофизик маълумотлар жорий йилнинг 16 август куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси бошчилигида “Ўзбекнефтгаз”АЖ ва “Ўзбекгеофизика” АЖ малакали мутахассислари иштирокида муҳокама қилинди.

“Ўзбекгеофизика” АЖ томонидан 2Д ва 3Д сейсмик қидирув ишларини ташкиллаштириш, истиқболли майдонларни чуқур бурғилашга тайёрлаш, қудуқларда геофизик-тадқиқот ишларини бажариш, керн намуналарини таҳлил қилиш ҳамда углеводород захираларини ҳисоблаш бўйича мавжуд имкониятлар тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтилди.

Жумладан, “Шўртан” конида ўтказилаётган “Шўртан 3Д сейсмик қидирув ишлари” ҳолати, иш услублари, технологияси, фойдаланилаётган транспорт ва механизмлар, бажарилаётган ишлар ва режалар бўйича тақдимот қилинди.

Шу билан бирга лойиҳа бўйича олинаётган дала маълумотларини қайта ишлаш (обработка) жараёнлари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилди.

Муҳокама якунида “Ўзбекгеофизика” АЖ ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан олиб борилаётган “Шўртан” ва “Учқир 3Д сейсмик ишлари”ни жадаллаштириш ва бугунги кунда олинган маълумотлар асосида янги қудуқларни ўрнатиш ҳамда
“Зеварда”, “Жанубий Кемачи” конлари бўйича аввал ўтказилган 2Д сейсмик-қидирув ишлари маълумотларини қайта таҳлил қилиш асосида ушбу конларнинг юра даври терриген қатламларининг истиқболларини ўрганиш мақсадида янги қудуқларни ўрнатиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|