“Ўзбекнефтгаз”: Honeywell UOP компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ дунё тажрибасига эга компаниялар билан ҳамкорликда ишлар олиб бормоқда. Шулар қаторида АҚШнинг Honeywell UOP компанияси билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатилиб, компания томонидан ишлаб чиқилган технологиялардан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги нефть ва газ саноати корхоналарида фойдаланиб келинмоқда.

Honeywell UOP компанияси мутахассисларининг ташрифи Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва Шўртан газ кимё мажмуасида газларни тозалаш тизимларида илғор технологияларни жорий этишда компаниянинг янги технологик ечимларига бағишланди.

Ҳозирги кунда кучга кирган экологик талабларнинг кучайиб бораётганлиги ҳамда Шўртан газ кимё мажмуасида қайта ишланадиган газ хомашё сифатини яхшилаш мавжуд технологияларни такомиллаштиришга ундайди. Бу масала нафақат экологик нуқтаи назардан балки технологик хавфсиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш томонидан ҳам долзарб саналади.

Honeywell UOP мутахассислари ишлаб чиқариш майдонларида ва бошқармада бўлиб ўтган музокараларда газларни тозалаш бўйича Separex ™ лицензион технологияси билан яқиндан танишишди.

Ушбу технология мембраналар тизимидан ташкил топган бўлиб, табиий газдан нордон газларни чуқур тозалаш имконини беради. Separex™ технология саноат миқёсида 30 йилдан ортиқ амалиётда қўлланилиб келиниши ва мембрана тизимлари шу вақт мобайнида шакллантирилиб, табиий газнинг таркиби ва эксплуатация шароитларига қараб индивидуал мослаштирилиши такидланди.

Separex™ мембраналаридан фойдаланган ҳолда табиий газ таркибидан СО2, H2S каби газларни ушлаб қолиш орқали сезиларли даражада нордон газларни концентрациясини тушириш билан газни аминлар билан тозалаш технологик қурилмасига қўшимча ҳажмда табиий газ хомашёсини тозалашга йўналтириш ва натижада полимерланиш жараёни учун этан газини олиш имконияти борлиги айтиб ўтилди. Якунда қўшимча полиэтилен гранулаларини ишлаб чиқариш ҳамда ички ва ташқи бозор талабларини қондириш учун маҳсулотларни реализация қилиш имконияти яратилади.

Учрашув давомида технологик қурилмаларнинг амалдаги ҳолати ҳамда реконструкция ва модернизацияга киритилиши мумкин бўлган позициялар бўйича фикрлар алмашинилди. Музокараларнинг мантиқий давоми сифатида завод объектларини техник ҳолатини ўрганиш ва табиий газ таркибидан келиб чиққан ҳолда лойиҳанинг дастлабки концепцияларини кўриб чиқишга келишиб олинди.

Бу эса, яқин келажакда табиий газни тозалаш бўйича юқори самарадорликка эга бўлган замонавий технологияларни жорий этишга ва қурилмаларнинг узлуксиз ишлашига замин яратади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|