“Ўзбекнефтгаз”: “Кўкдумалоқ” конида ўтказилган машғулотлар талабаларда катта таассурот қолдирди

Бош саҳифа Русский

Бўлғуси кадрларнинг билимларини ишлаб чиқариш жараёнларидаги техника ва технологиялар муҳитида янада мустаҳкамлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан конларда, қудуқларда амалга оширилаётган талабалар амалиётлари давом этмоқда.

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали Нефть ва газ қудуқларини бурғилаш бўлимининг 3-босқич УТС-19-01 ва УТС-19-02 гуруҳлари талабаларининг сафари “Ўзбекнефтгаз” AЖ таркибий бўлинмаси бўлган Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлди.

Коронавирус пандемияси даврида талабаларнинг нефть ва газ объектларида ўтказаётган амалий машғулотлари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ташкил этилди.

Ҳар бир корхона ўз анъаналари ва тарихига эга. Шу сабаб талабалар дастлаб нефть ва газ саноатининг шаклланиши ва ривожланишининг қарийб ярим асрини қамраб олган бошқарув музейини экскурсия қилишди.

Ўқув машғулотларини бошлашдан аввал ёшлар қудратли техника ва технологиялар билан ишловчи нефть ва газ соҳаси ходимлари учун муҳим ва мажбурий бўлган хавфсизлик ва меҳнат муҳофазасининг барча жиҳатлари билан таништирилди.

Тармоқ корхоналарида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар мисоллар асосида тушунтириб берилди. Муаммоларнинг таҳлили ва тезкор қарор қабул қилиш усуллари машғулотлар асосида ўргатилди. Машғулотлар кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассис, филиал профессори Б.Мавлянкариев томонидан ўтказилди.

Амалий машғулотларнинг иккинчи куни талабалар “Помуқ” газни комплекс тайёрлаш қурилмаси ва янги барпо этилиб, яқинда ишга туширилган “Алан” сиқув компрессор станциясининг фаолияти билан таништирилди. Улар ҳар бир агрегат ва ускунанинг фаолияти тафсилотларини батафсил ўрганишди.

Бўлажак мутахассислар учун амалий дарслар “Помуқ” ГКТҚсининг бошлиғи А.Маманиязов, “Алан” СКСнинг бошлиғи А.Тулаев ва хавфсизлик техникаси йўриқчиси Ш.Қурбонов мураббийлигида олиб борилди.

Мутахассисларнинг батафсил тушунтиришлари натижасида талабалар газ компрессор станцияси, ҳаво музлатиш аппарати, вертикал ва горизонтал сепараторлар, газ ҳайдовчи агрегатлар, термодинамик параметрларнинг меъёрий қийматлари, босим ва ҳарорат каби технологик жараёнларни ўрганишди.

Нефть ва газ инфратузилмасини бошқариш объектларига ташриф жараёнида талабалар назарий билимларини амалиёт билан ўзлаштиришди. Талабаларнинг “Помуқ” ГКТҚ ва “Алан” СКС бошқаруви билан боғлиқ барча саволларига операторлар томонидан батафсил жавоб берилди.

“Кўкдумалоқ” конига бориш талабалар учун таассуротларга бой бўлди. Ушбу кон Ўзбекистоннинг нефть мустақиллигига эришишидаги мураккаб даврларда давлат иқтисодиётининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган.

Бугунги кунда мазкур объектда халқаро ҳамкорлик бўйича кўп йиллик тажрибага эга бўлган юқори малакали мутахассислар хизмат кўрсатмоқда. Хусусан, юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган энг йирик конлардан бири бўлган “Кўкдумалоқ” кони йиллар давомида халқаро мутахассисларнинг диққат марказида бўлиб қолмоқда. Бу ерда ишлатиладиган ноёб газлифт технологияси ҳақида нефть конининг бошлиғи К. Норсафаров батафсил маълумот берди.

Шунингдек, талабалар нафақат республика, балки бутун минтақа учун ноёб бўлган компрессор станциясининг фаолияти билан танишиш имконига эга бўлишди. Ушбу объектнинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳамияти ҳақида Операцион ишлаб чиқариш хизмати бошлиғи И. Мирзаев томонидан тушунтиришлар берилди.

“Кўкдумалоқ” конига сафар талабаларда катта таассурот қолдирди. Улар унутилмас воқеаларга бой бўлган дақиқаларини бир умрга муҳрлаш мақсадида, эсдалик учун жамоавий суратларга тушишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|