“Ўзбекнефтгаз”: Ҳар бир ҳудуднинг нефть ва газлилик салоҳияти самарали ўзлаштирилмоқда (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан акциядорлик жамиятининг геологлари томонидан ҳар бир минтақанинг бой нефть ва газлилик салоҳиятини самарали ўзлаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлардан иборат яхлит тизимлаштирилган Дастур ишлаб чиқилган.

Ушбу дастур доирасида ўтказилган геология-қидирув ишлари натижасида жорий йилда “Ғарбий Қуйи Сургил”, “Ижобат”, “Раззоқбобо” ва “Қуйи Шарқий Бердақ” номли янги газ конденсат конлари очилди.

Шунингдек, “Қуйи Шарқий Бердақ 2”, “Шортак 4” ва “Чақар 5” излов-қидирув қудуқларидан саноат аҳамиятидаги табиий газ оқими олишга эришилди.

“Қуйи Шарқий Бердақ” майдони Устюрт регионининг марказий қисмида, маъмурий жиҳатдан Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ҳудудида “Бердақ” ва “Шимолий Бердақ” конлари яқинида жойлашган бўлиб, “Қуйи Шарқий Бердақ” конидаги 2-сонли излов қудуғида 2020 йилнинг 11 ноябрь куни бурғилаш ишлари бошланган эди. Ушбу қудуқ 4500 метр чуқурликгача бурғиланди. Қудуқда 4500–4031 метр оралиқда синаш натижасида ундан 14 мм лик штуцерда суткалик дебити 131,4 минг куб метр бўлган табиий газ оқими олинди.

“Қуйи Шарқий Бердақ” кони 2-сонли излов қудуғидан олинган газ оқими факели.

Қудуқда синов-ишлатиш ишлари олиб бориш учун Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига топширилди.

“Шортак” кони Бухоро-Хива регионининг Газли ҳудудида жойлашган бўлиб, 2017 йилда ушбу кондаги 1-сонли излов қудуғидан табиий газ оқими олиниши натижаси очилган. Ушбу кондаги 4-сонли қидирув қудуғида 2021 йилнинг 30 май куни бурғилаш ишлари бошланган эди. Қудудқ 2742 метр чуқурликгача бурғиланди.

Синаш ишлари жараёнида қудуқнинг 2551–2547 метр, 2507–2504 метр, 2496–2491 метр оралиқларини перфорация қилиш натижасида 14 мм лик штуцерда суткалик дебити 112 минг куб метр бўлган табиий газ оқими олинди.

“Шортак” кони 4-сонли қидирув қудуғидан олинга газ оқими факели.

Қудуқда юқорида очилган кесимларни баҳолаш мақсадида синаш ишлари давом эттирилмоқда.

“Чақар” кони маъмурий жиҳатдан Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида жойлашган бўлиб, 2019 йилда ушбу кондаги 2-сонли излов қудуғида очилган бўр ётқизиқларидан табиий газ оқими олиниши натижаси очилган. 5-сонли қидирув қудуғида эса бурғилаш ишлари 2021 йилнинг 15 май куни бошланган бўлиб, у 2420 метр чуқурликгача бурғиланди. Синаш ишлари жараёнида қудуқнинг 2314–2310 метр оралиғини перфорация қилиш натижасида 14 мм лик штуцерда суткалик дебити 121,6 минг куб метр бўлган табиий газ оқими олинди.

“Чақар” 5-сонли қидирув қудуғидан олинга газ оқими факели.

Қудуқда ушбу оралиқда олинган табиий газ оқими коннинг юра даври ётқизиқларини нефть ва газга истиқболлилигини исботлади. Шуни таъкидлаш зарурки, “Чақар” конидаги 4-сонли қидирув қудуғини бурғилаш натижасида ҳам юра даври ётқизиқларидан табиий газ оқими олинган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|