“Ўзбекнефтгаз”: МҲХС асосида молиявий ҳисоботни тузиш бўйича амалий тренинг ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида давлат иштирокидаги корхоналарда истеъмолчига йўналтирилган замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш, таннархни пасайтириш орқали даромадларни ошириш, ислоҳотлар жараёнида хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини такомиллаштириш йўналишида қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Президент томонидан 2020 йилнинг 27 октябрида қабул қилинган “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони нафақат республикадаги хўжалик юритувчи субъектлар, балки чет эллик инвесторларда ҳам, катта қизиқиш уйғотди.

Ушбу меърий ҳужжатнинг 2-бандидаги талабнинг бажарилиши ва юқорида қайд этилган ислоҳотларнинг мантиқий идофаси ўлароқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖда 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги фаолияти якунлари бўйича Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида консолидациялашган молиявий ҳисоботи тузилди ва уни Халқаро аудит стандартлари (ХАС) талаби бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш мақсадида “Ernst & Young” аудиторлик ташкилотига тақдим этилди.

Таъкидлаш жоизки, “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси дунё миқёсида ўзининг даромади, ходимлар сони, корхоналар қамрови ва бошқа муҳим кўрсаткичлари бўйича “катта тўртталик”га киради. Ушбу аудиторлик компания томонидан берилган аудиторлик хулосасига жаҳоннинг йирик инвесторлари ва молия муассаслари ишонч билдиришади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан МҲХС асосида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузиш ва уни аудиторлик текширувидан ўтказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Албатта, газ қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш бўйича жаҳонда етакчилар қаторида бўлган “Ўзбекнефтгаз” АЖ учун тезкор муддатларда МҲХС асосида консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузиш анча машаққатли вазифа ҳисобланади.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ республикамиз ишлаб чиқариш секторидаги йирик давлат корхоналари ичида биринчилардан бўлиб МҲХС асосида оралиқ консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлашга киришди. Уни самарали ва белгиланган муддатларда бажариш мақсадида мамлакатда фаолият юритиб келаётган ва ходимлари “катта тўртлик” кирувчи аудиторлик компаниясида катта иш стажига эга бўлган “FCS Experts” МЧЖ консалтинг компанияси жалб этилди.

Таъкидлаб жоизки, мазкур ҳисоботни тузиш 34-сонли МҲХС “Оралиқ молиявий ҳисобот” (IAS 34 “Interim Financial Reporting”)га мувофиқ амалга оширилди.
“FCS Experts” МЧЖ консалтинг компаниясини жалб этишдан кўзланган яна бир мақсад, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг шўъба корхоналарининг бухгалтерия ҳисоби ва МҲХС буйича мутахассисларига оралиқ алоҳида ва консолидациялашган молиявий ҳисобот (МҲХС асосида) тузишни амалий жиҳатдан ўргатиш ҳисобланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботида ўзининг молиявий ҳисоботи билан бирга 50га яқин шўъба ва қўшма корхоналар ҳисоботлари жамланади. Ундан ташқари ҳар бир йирик солиқ тўловчи статусига эга шўъба корхоналар ҳам ПҚ–4611-сон Президент қарорига мувофиқ 2021 йилнинг натижаси бўйича МҲХС асосида ўзининг алоҳида молиявий ҳисоботларини тузиши ва тақдим этиши лозим.

Юқорида таъкидланган вазифаларни бажариш мақсадида жорий йилнинг
4-6 октябрида “FCS Experts” консалтинг компаниясини жалб этган ҳолда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг шўъба корхоналари бухгалтер ходимлари ҳамда марказий аппаратдаги Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив департамент ҳамда МҲХСни жорий этиш бўлими ходимлари учун МҲХС асосида оралиқ молиявий ҳисоботни тузиш бўйича амалий тренинг ўтказилди.

Амалий тренинг ўтказишдан асосий мақсад бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари асосида ташкил этилган корхоналарда ҳисоб маълумотларини МҲХС асосида трансформация қилиш ва молиявий ҳисоботни тайерлаш учун бажариладиган амалларни ўргатишдан иборат.

Тренингда қатнашган ходимлар “Чинобод нефтбаза” МЧЖнинг 2020 ва 2021 йилларнинг ярим йиллик бухгалтерия маълумотларидан фойдаланиб, “Excell” дастурида МҲХС асосида молиявий ҳисобот учун керакли бўлган амалий масалаларни “FCS Experts” консалтинг компанияси ходимларининг кўрсатмаларига асосан мустақил равишда бажаришди. Ҳар бир ходим трансформация жадваллари, реклассификация проводкалари, маълумотлар расшифровкалари, асосий воситалар ва дебиторлик қарзлари ҳаракати, ходимлар бўйича меҳнат таътили резервини ҳисоблаш, олинган қарз маблағлари бўйича самарали ставкада фоиз харажатларини ҳисоблаш, консолидациялашган молиявий ҳисобот тузиш учун “ҳисобот пакети”ни тузишди.

Қизғин муҳокама ва савол-жавоб тарзида ўтказилган амалий тренинг натижасида шўъба корхоналарнинг бош бухгалтерлари ва МҲХС бўйича мутахассислари МҲХС асосида молиявий ҳисоботни шакллантириш йўналишида керакли даражада амалий кўникмаларга эга бўлишди.

“Корхонанинг бош бухгалтери, МҲХС бўйича мутахассислари ва бошқа ходимлари ҳам МҲХС асосида молиявий ҳисобот тузишлари учун ўзларининг билим ва малакаларини ҳамда иқтисодий дунёқарашини замонавий талабларга мос равишда трансформация қилиши муҳимдир” – деб таъкидлади амалий тренинг мақсади тўғрисида “FCS Experts” консалтинг компанияси директори Даврон Ёқубов.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, шўъба корхоналарнинг амалий тренингда қатнаш ходимлари МҲХС асосида оралиқ молиявий ҳисоботни тузишда қандай маълумотлар тўпланиши, уларни жадвал кўринишида қайта ишланиши, тузатувчи ва трансформация ёзувларни бериш, трансформация ва консолидация жадвалларини тузиш, изоҳ хатида маълумотларни ёритиб бериш бўйича маълум дажада билим ва амалий кўникмаларга эга бўлишганини эътироф этишди ҳамда бундай амалий тренингларни келажакда яна ташкил этиш тўғрисида фикр билдиришди.

МҲХС асосида молиявий ҳисоботни тузишга бағишланган амалий тренингда фаол қатнашган ва берилган амалий вазифаларни тўғри бажарган тингловчилар “FCS Experts” консалтинг компаниясининг алоҳида совринлари билан мукофотланишди.


МҲХС жорий этиш бўлими бошлиғи Х.Тухсанов

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|