“Ўзбекнефтгаз”: Нефть база ва айрим хусусий АЁҚШларда аҳолига сотилаётган автобензин ва дизель ёнилғиларининг сифати ўрганилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқарилаётган автобензин ва дизель ёқилғилари Республика истеъмолчиларига, шу жумладан, аҳоли эҳтиёжлари учун нефть базалари ҳамда хусусий автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари (кейинги ўринларда АЁҚШ) орқали сифат кўрсаткичлари амалдаги давлат андозалари талабларига мос равишда етказиб берилмоқда.

АЁҚШларда, шунингдек, тадбиркорлар томонидан республика ҳудудига чет давлатлардан импорт асосида олиб келинган автобензин ва дизель ёнилғиси ҳам сотилмоқда.

Сўнгги пайтларда, автотранспорт бошқарувчилари томонидан автобензин ва дизель ёнилғисининг сифат кўрсаткичларини белгиланган талабларга жавоб бермаслиги тўғрисидаги мурожаатлари кўпайганлиги кузатилмоқда.

Республика истеъмолчиларини нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашнинг асосий қисми бевосита “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан юритилаётганлигини инобатга олиб, юқоридаги ҳолатларни ўрганиш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг мутахассислари томонидан Сирдарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги айрим хусусий АЁҚШларда ва нефть базаларга қарашли бўлган АЁҚШларда аҳолига сотилаётган автобензин ва дизель ёнилғиларидан март-апрель ойларида амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига биноан намуналар олинди.

Олинган намуналар “Бухоро” нефтни қайта ишлаш заводининг аккредитациядан ўтган кимё-назорат лабораториясида таҳлилдан ўтказилди.

Таҳлил натижаларига кўра, афсуски, АЁҚШларда сотилаётган автобензин ва дизель ёнилғиси сифат кўрсаткичлари амалдаги меъёрий ҳужжатлар билан белгилаб берилган кўрсаткичлардан фарқ қилиниши, яъни сифат кўрсаткичлари талабга жавоб бермаслиги аниқланди.

Аниқланган сифатсиз автобензин ва дизель ёнилғиси маҳсулотлари импорт асосида олиб келинаётган нефть маҳсулотлари жумласига кирганлигини, маълумот тариқасида мутасадди ташкилотлар ва истеъмолчилар эътиборига ҳавола қилишни “Ўзбекнефтгаз” АЖ мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.

Шуни қайд этиш лозимки, автобензин ва дизель ёнилғисининг сифат кўрсаткичларининг талаб даражасида бўлмаслиги автотранспорт воситалари ва қишлоқ хўжалиги техника воситаларининг ҳолатига, атроф муҳитга салбий таъсирини оширади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|