“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш инвестиция лойиҳасининг навбатдаги босқич чора-тадбирлар белгилаб олинди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини ошириш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг 2021–2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан Шўртан газ кимё мажмасида лойиҳа доирасида қурилиш-монташ ишлари жадал суратларда амалга оширилмоқда.

Куни кеча тармоқлараро илмий техник кенгашининг Шўртан газ кимё мажмуасида инвестицион лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги чора-тадбирларга бағишланган навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тармоқлараро илмий техник кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари, “O‘ZLITINEFTGAZ” АЖ, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳамда Шўртан газ кимё мажмуаси ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар, объектларни концептуал ҳолати, асосий конфигурацияси, муддатлари ва ускуналарни сотиб олиш бўйича шартномалар тузилганлиги ҳамда қурилиш майдонини тайёрлаш ишлари бошланганлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Ҳозирда бош пудратчи “Enter Engineering” компанияси томонидан ускуналарни лойиҳалаш ва сотиб олиш ишлари давом этирилмоқда.

Жорий йилнинг 15 август ҳолатига кўра, лойиҳани амалга оширишга жалб қилинган муҳандисларнинг умумий сони 600 нафардан ортиқни ташкил этмоқда, шундан, 275 нафари хорижий мутахассислардир.

Лойиҳанинг умумий бажарилиш ҳолати – 11,62 фоиз, лойиҳалаш – 47,52 фоиз, ускуналарни сотиб олиш ва етказиб бериш – 9,79 фоиз ҳамда қурилиш-монташ ишлари 2,14 фоизни ташкил этмоқда.

Йиғилиш давомида лойиҳани техник-иқтисодий асослашнинг асосий техник, технологик, молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари, уларнинг амал қилиш муддати, шунингдек, инвестиция лойиҳасининг самарали амалга оширилишини таъминлашга қаратилган кейинги чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Йиғилиш сўнгида тармоқлараро илмий техник кенгаш аъзолари томонидан билдирилган фикр мулоҳазалар ва таклифлар асосида қисқа муддатлар ичида “Шўртангаз кимё мажмуаси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш” инвестиция лойиҳасининг техник иқтисодий асослари Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги қошидаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКга киритиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Бизнесни истиқболли ривожлантириш департаменти, Инновацион ривожланиш бўлими

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|