“Ўзбекнефтаз”: “Янгиказган” конидаги Газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси реконструкция қилинди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, қазиб олинган табиий газни тайёрлаш ва қайта ишлаш ҳамда сифат кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Қурилишлар манзилли дастури доирасида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Янгиказган” конидаги газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси тўлиқ реконструкция қилиниб, қайта ишга туширилди.

Ушбу Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасининг йиллик қуввати 166,0 млн куб метр табиий газни тайёрлашга мўлжалланган бўлиб, Марказий Осиё газ саноати илмий-тадқиқот институти лойиҳаси асосида 1975 йилда қуриб, ишга туширилган.

Қурилмадаги реконструкция ишлари давомида мавжуд сепаратор ва сиғимларни таъмирлаш билан биргаликда зарурий технологик аппаратлар ўрнатилди. Натижада “Янгиказган” ва “Ёрқин” конларидаги қудуқлардан қазиб олинган табиий газ таркибидан механик аралашмалар, қатлам сувлари ва газ конденсати тўлиқ ажратиб олинишига, табиий газ сифат кўрсаткичлари яхшиланиши ҳамда кунлик газ конденсати қазиб чиқариш ҳажмини ортишига эришилди. Айни пайтда қурилма атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Реконструкция ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган технологик аппарат ва ускуналар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ички имкониятидан фойдаланган ҳолда танланди ва натижада аппаратларни харид қилишга сарфланадиган пул маблағлари тежаб қолинди.

Қурилмадаги реконструкция ишлари “Нефтгазқурилиштаъмир” АЖ жамоаси томонидан амалга оширилди.

Маълумот учун: “Янгиказган” кони Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 1967 йилда ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|