“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2021 йилда амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар белгилаб олинди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида табиий газ ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари, бошқарма ва заводлар, нефть базалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Бошқарув раиси йиғилиш аввалида ҳали коронавирус пандемияси даври тугамаганлиги, жойларда ишчиларнинг саломатлигини асраш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, профилактик тадбирлар ўтказилиши шахсан корхона раҳбарлари зиммасида эканлиги ва бу борада уларнинг жавобгарлиги белгиланганини эслатиб ўтди.

Йиғилишда, 2020 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдига қўйилган вазифалар умумий ижроси ҳақида ҳам маълумот берилди, жумладан, табиий газ (ўтган йилга нисбатан 100,3%) ва нефть қазиб чиқариш (100%), табиий газ ва газ конденсати захираларини ўстириш (мос равишда 112% ва 169%), автобензин ишлаб чиқариш (124%), полиэтилен (105%), инвестицияларни ўзлаштириш (102%), маҳаллийлаштириш дастури (181%) прогноз кўрсаткичлари ижроси таъминлангани эътироф этилди.

Шундан сўнг, 2020 йил давомида қолоқликка йўл қўйилган йўналишлар танқидий кўриб чиқилди ва белгиланган кўрсаткичларни бажармаган раҳбарларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи муҳокама қилинди.

Табиий газ ва газ конденсатини қазиб чиқариш, қудуқларни қурилиш билан ишга тушириш, суюлтирилган газ ишлаб чиқаришга масъул бўлган раҳбарлар огоҳлантирилди. Маҳсулотлар экспорти тўлиқ таъминланмагани ва дебитор қарздорликнинг ошгани кескин танқид қилинди.

Мароқанд нефть базаси мисолида вазият танқид қилиниб, дебитор қарздорликни бартараф этмаган ҳар бир нефть базаси раҳбарига интизомий чора кўрилиши белгиланди.

Ўз навбатида, бурғилаш ишларида йўл қўйилган технологик камчиликлар, бурғилаш станокларининг монтаж ишларида қўшимча станокларни жалб қилинмаганлиги, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўйилгани сабабли бош геологни лавозимидан озод этиш белгиланиб, Бошқарма раҳбарига хайфсан эълон қилинди.

2021 йил вазифаларига тўхталар экан, авваламбор, муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида берилган вазифалардан келиб чиқиб, тегишли топшириқлар берилди.

Хусусан, аҳолига узлуксиз равишда суюлтирилган газ етказиб бериш мақсадида, “Муборак” газни қайта ишлаш заводида технологик режимларни кўриб чиқиш ва регламент кўрсаткичларига чиқариш ҳисобидан 278 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида КИП автоматика ишларини якунлаб, ишлатишга топшириш орқали 176 минг тонна, “Газли” газни қайта ишлаш заводида 73,3 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш вазифаси белгиланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖда трансформация ислоҳотларини амалга ошириш йўналишида самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) тизимини, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (IFRS)ни жорий қилиш, антикоррупцион комплаенс тизимини халқаро сертификациядан ўтказиш ишларини якунлаш, кадрлар (HR) сиёсати ва стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.

Шу билан бирга, 2021 йил Инвестиция дастурига киритилган 11 та лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, тегишли раҳбар ва мутахассисларга аниқ чора-тадбирларни ўзида акс эттирган тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш топширилди.

“Ўзбекнефтгаз” тармоғида 2021 йилни “Геология-қидирув ишларини жадаллаштириш йили” деб эълон қилинди. Геология-қидирув ишлари доимо эътибор марказида бўлади. Жорий йилда 35 млрд куб метр табиий газ захираларини ва 900 минг тонна газ конденсати захираларини ўстириш вазифаси белгилаб олинди.

Бу йили 33,9 млрд куб метр табиий газ, 1,4 млн тонна газ конденсати ва 109 минг тонна нефть қазиб чиқаришни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу билан бирга, жорий йилда тармоқ олдида куйидаги кўрсаткичларини бажариш вазифаси турганлиги таъкидланди: инвестиция лойиҳаси доирасида 985 млн доллар инвестициялар ўзлаштириш, 391,0 млн долларлик полиэтилен, суюлтирилган газ, нефть махсулотлари, олтингургут ва хизматлар экспортини таъминлаш, 3,1 трлн сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 272,7 млн долларлик импортни қисқартириш.

Шунингдек, Ишлаб чиқаришни техник тартибга солиш департаменти “Рақамли бурғилаш” лойиҳаси доирасида 23 та бурғилаш ускунасини ва 14 та нефть базаларида автоматлаштириш ишларини якунлаши кераклиги белгиланди.

Ушбу йиғилиш давомида ходимлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга алоҳида эътибор берилди ва 10 минг нафарга яқин ходимни ўқитиш, жумладан, 210 нафар ходимни Россиянинг “Лукойл” компаниясида, 50 нафар ходимни эса “Газпром” компаниясида, 10 нафар ходимни Японияда ўқитиш бўйича топшириқ берилди.

Бошқарув раиси томонидан Жамият расмий веб-сайтини қайта ишлаб чиқиш ва департментлар билан биргаликда веб-сайт контентини тўлдириш чораларини кўриш бўйича вазифалар белгиланди.

Углеводородлар захирасини кўпайтиришга доир алоҳида чора-тадбир ишлаб чиқилиши кераклиги ва бу йилда геология-қидирув ишлари алоҳида масала эканлиги яна бир бора таъкидланди. Геология-қидирув ишлари натижасида янги газ конларини ва қудуқларини топиш ҳамда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича масъул раҳбарларга топшириқ берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|