“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида табиий газ ва нефть қазиб чиқарилишдан токи истеъмолчига етиб боргунигача бўлган жараёнда 8 ой мобайнида қилинган ишларга оид видеоселектор йиғилиши ўтказилди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида жорий йилнинг 8 ой якуни билан табиий газ ва углеводород хомашёси қазиб чиқариш прогноз кўрсаткичлари ижроси ва 9 ой якунида кутилаётган кўрсаткичларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Видеоселектор аввалида Бошқарув раиси карантин давом этаётганини, у бекор қилинмаганлиги балки юмшатилганини доимо ёдда тутиш кераклини таъкидлади ва корхонада касалликни тарқалишига аввало раҳбарларнинг шахсан жавобгарлиги белгиланганлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида ижобий иқтисодий натижалар қўлга киритилиши эътироф этилиши баробарида, айрим йўналишларда қолоқлик қайд этилгани кескин танқид қилинди.

Жумладан, Бошқарув раиси газ конденсати қазиб чиқариш (102,6 фоиз), нефть қазиб чиқариш (108,8 фоиз), қудуқларни капитал таъмирлаш (114,6 фоиз), автобензин ишлаб чиқариш (127,2 фоиз), инвестицияларни ўзлаштириш (102,8 фоиз), маҳаллийлаштириш (169,5 фоиз) борасида натижалар режадан юқори бўлганини таъкидлаб, қолган даврда ҳам иш ташкил қилишда бепарволикка берилмасликни айтиб ўтди.

Қудуқларни ишга тушириш (72,2 фоиз), экспорт (57,0 фоиз) йўналишларида кўрсаткичларни бажаришда сезиларли даражада қолоқликка йўл қўйилгани мисоллар билан келтириб ўтилди ҳамда қолган давр мобайнида мавжуд камчиликлар бартараф этилмаса, тегишли раҳбарлар лавозимидан озод этилиши бўйича огоҳлантириш берилди.

Экспорт йўналишида ишни тўғри ташкил этилмагани, камчиликларга йўл қўйилгани сабабли икки нафар масъулга хайфсан эълон қилинди ҳамда йил якунига қадар қолоқлик бартараф этилмаса қатъий жазо чоралари кўрилиши таъкидланди.

Шунингдек, Бошқарув раиси томонидан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси режада 10,8 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқариши белгиланган бўлса-да, амалда 11 млрд куб метр билан 102 фоизлик натижага эришгани, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан эса режа 100,8 фоизга бажарилгани алоҳида эътироф этилди.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан табиий газ қазиб чиқарилишида қолоқликка йўл қўйилгани сабабли, Бошқарма раҳбарларига хайфсан эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан соҳани янада ривожлантириш учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилганини таъкидлаган Бошқарув раиси, афсуски яратилган имкониятлардан жойларда самарали фойдаланилмаётганини танқид қилди.

Табиий газ захиралари бўйича маълумотларнинг аниқ эмаслиги таъкидланиб, бу бўйича масъул бўлганлар ишни тўғри ташкил қилмагани ва бу давом этадиган бўлса қатъий жазо чоралари кўрилиши, тегишли мутасаддиларнинг лавозимдан олиниши масаласи кўрилишини айтиб ўтди.

Жумладан, Газли бошқармасида 70 та қудуқда мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, 69 та қудуқда (98,6%) мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилишига қарамасдан мазкур қудуқлардан кутилган натижа олинмагани, бурғилашда 16 та қудуқ ишга тушиши режалаштирилган бўлиб, амалда 11 та қудуқ ишга туширилган (68,8%) салбий натижа экани, ўз ишига масъулиятлик дея баҳоланди.

2020 йил январь-август ойлари табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичларини конма-кон таҳлил этилиб, фақатгина Муборак ва Шўртан бошқармаларига қарашли конларнинг барчаси белгиланган режани бажаргани, аксинча, Газли бошқармасига қарашли Андакли конида режадаги табиий газ қазиб чиқарилмагани айтилди.

Ўтган 8 ой якуни учун суюлтирилган газ ишлаб чиқариш режаси 95,9 фоизга бажарилди. Лекин, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан 17,4 минг тонна қолоқликка, “Муборак” газни қайта ишлаш заводи томонидан эса 8,4 минг тонна қолоқликка йўл қўйилгани танқидий таҳлил қилинди.

Бундан ташқари, пандемия даврида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаларини модернизация қилиш ва қуриш ишлари кечикиши ҳам ишлаб чиқаришга таъсир қилаётгани, зудлик билан керакли чоралар кўрилиши белгиланди.

Вазиятни тезкорлик билан яхшилаб, ҳар қандай ҳолатда куз-қиш мавсумида аҳолининг коммунал эҳтиёжлари ва ижтимоий соҳалар учун суюлтирилган газни етказиб бериш, истеъмолчилар эҳтиёжларини қондириш зарурлиги шарт қилиб белгиланди.

Бунинг учун аввало, ҳар йили куз-қиш мавсумида рўй берадиган Газ ҳайдаш агрегатларининг авариявий тўхталишлари, электр таъминоти узилишига йўл қўймаслик кераклиги таъкидланди.

Саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги департаменти олдига бошқармалар бўйича куз-қиш мавсумида ишчи-ходимларни махсус кийим ва пойабзаллар билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Ушбу йиғилишда иштирок этиш учун Бошқарув раиси ташаббуси билан конларнинг раҳбарлари ҳам таклиф этилди ҳамда уларга сўз берилиб, конлар, қудуқлардаги мавжуд муаммолар, камчиликлар бўйича ҳисоботлари тингланди.

Жумладан, “Зеварда” мажмуасидаги кон раҳбари Рашид Саттаров ҳозирда яратиб берилган шароитлар ҳақида айтиб ўтди ҳамда “Темир дафтар”нинг юритилаётгани, ишчиларнинг аҳволи доимо назорат эканлигини билдирди.

Бугунги кунда конда 133 та қудуқ борлиги, унда 227 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилаётгани, ишнинг узлуксиз ташкил этилганини, 3 та қудуқда бурғилаш ишлари бажарилаётгани, қўшимча тарзда геофизика йўналишидаги ишлар ҳам олиб борилаётгани бўйича ахборот берди.

Шунингдек, Бошқарув раисининг топшириғига асосан қудуқлардаги операторларга юклатилган вазифалар борасида маълумот берилди. Жумладан, операторлар ҳар куни қудуқлардаги кунлик қазиб чиқариш ҳолатини кузатаётгани, манометрлар босимини ўлчаши, табиий газ қазиб чиқарилишини тушиб кетишини олдини олиш чораларини кўраётгани таъкидланди.

Бошқарув раиси Кон раҳбарига ишчи-ходимларнинг малакасини ошириш, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини яхшилаш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, “Жанубий Ўртабулоқ-Денгизкўл-Сомонтепа” конлар мажмуаси бошлиғи Хислат Назировга сўз берилиб, бугунги кунда конларда, қудуқларда амалга оширилаётган ишлар ҳисоботи тингланди.

Ушбу кунлар мажмуасида 97 та қудуқ бўлиб, 3 та қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилаётгани ва сентябрь ойининг охирига қадар уларнинг ишга қўшилиши маълум қилинди.

Бир неча қудуқда капитал таъмирлаш ишлари бажарилаётгани, “Денгизкўл” сиқув компрессорининг 100-, 300-агрегатда таъмирлаш ишлари бошланиш арафасида экани айтиб ўтилди.

Бошқарув раиси энг аввало қудуқлар ва конларда таъмирлаш ишларига жиддий эътибор қаратиш, табиий газ қазиб чиқарилиши ҳажмини ошириш борасида барча тадбирларни амалга ошириш, қудуқларда таъмирлаш ишлари бажарилгач, улардан етарли самарага эга бўлиш борасида вазифалар белгилаб берилди.

Видеоселектор давомида 2020 йилнинг ўтган даврида нефть базалар томонидан йўл қўйилган камчиликлар ҳам муҳокама қилинди. Жамият бошқаруви томонидан мунтазам равишда тасарруфдаги корхоналар фаолияти бевосита жойига чиққан ҳолда, тегишли мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

Бошқарув раиси ўрганишлар корхоналарда аҳвол, маркетинг ишлари нефть базалари томонидан мутлақо қониқарсиз ташкил этилганини кўрсатганини таъкидлади.

Аксарият нефть базаларда эски андозалар ва “ўзибўларчилик кайфияти” сақланиб қолмоқда. Нефть маҳсулотларининг реализациясини кўпайтириш фақатгина бозор механизмлари орқали яъни, нарх, сифат, логистика, маркетинг каби механизмлар орқали кўпайтириш мумкинлигини бир неча бор гапирилишига қарамасдан, афсуски айримлар ҳанузгача тушуниб етмаяпти, - деди Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев.

Нефть маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда ўрнатилган тартибга риоя этмагани, нефть маҳсулотларини сотиш учун умуман маркетинг ишлари олиб бормагани, дебитор қарздорликни ундириш учун таъсирчан чоралар кўрмаганлиги учун 2 та нефть базаси раҳбари ҳамда 2 та нефть база филиали раҳбари лавозимидан озод этилди.

Бошқарув раиси Марказий ишлаб чиқариш диспетчерлик хизматини рақамлаштириш, “Кучлик нефть база” МЧЖда рақамлаштириш бўйича пилот лойиҳасини якунлаш ҳамда йил якунига қадар барча нефть базалар фаолиятини автоматлаштириш кераклиги борасида топшириқлар берди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида 2020 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишларнинг муҳокамасига бағишланган йиғилиш 5 октябрь куни ўтказлишига келишиб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|