“Ўзбекнефтгаз”: Нефть ва газ соҳасида фаолият юритаётган ёшлар учун лидерлик маҳоратини шакллантирувчи ўқув курслари ташкил этилди

Бош саҳифа Русский

Давлат раҳбарининг ёшларга оид сиёсатини қўллаб-қувватлаш, нефть ва газ соҳаси тизимида устувор вазифаларни амалга оширишда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида, жорий йилнинг 2 февраль куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказган эди.

Ушбу учрашувда Бошқарув раиси томонидан ёшлардаги бошқарувчанлик қобилияти, етакчилик кўникмаси ҳар бир раҳбар учун керак бўладиган ҳислат эканлиги таъкидланиб, уларда лидерлик маҳоратини ошириш учун махсус ўқув семинар курсларини ташкил этиш бўйича ҳам топшириқлар белгилаб берилди.

Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 15–20 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида Ёшлар етакчиларининг лидерлик маҳоратини шакллантиришга қаратилган қисқа муддатли ўқув семинар курси ўтказилди.

Ўқув семинарда ёш кадрларга жамоанинг шаклланишида мулоқотнинг ўрни, вақтдан самарали фойдаланиш технологияси, ностандард, ижодий ҳамда креатив тафаккурни ривожлантириш усуллари ўргатилди. Шунингдек, семинар давомида "Ёшлар етакчиларида лидерлик хусусиятларини ривожлантириш технологиялари", "Ёшлар етакчиларида ассертивлик ва ўзига ишонч ҳиссини ва эмоционал интеллект ва жамоавийлик муҳитини шакллантириш" мавзуларида маърузалар тингланди. Ёш лидерларга самарали музокара олиб бориш ва ишонтириш қобилиятларининг номоён бўлиши, етакчилар фаолияти самарадорлигини баҳолаш, кузатилаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида сабоқлар берилди.

Мазкур ўқув семинарда берилган маълумотлар, келгусида бошланғич ташкилот етакчилари учун ўз фаолиятлари давомида қўллаш учун дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Маълумот учун: Айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида жами 40 099 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Ушбу ходимлардан 8590 нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилиб, умумий ходимлар сонининг 21 фоизини ташкил этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|