“Ўзбекнефтгаз”: Юридик департамент мутахассислари томонидан “Халқаро шартномалар тўғрисида”ги қонуннинг аҳамияти бўйича тушунтириш берилди

Бош саҳифа Русский

Халқаро шартномалар тушунчаси, уларни тузиш тартиби, ўзгартириш, бекор қилиш, амал қилишини тўхтатиб туриш, ҳалқаро шартномаларни бажаришга доир чора-тадбирлар ва бошқа масалалар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 февралда қабул қилинган “Халқаро шартномалари тўғрисида” ЎРҚ–518-сон Қонуни билан тартибга солинади.

Ушбу Қонуннинг қабул қилинганига икки йил тўлди. Ўтган 2020 йил пандемия даврида халқаро муносабатлар ва бу муносабатларни тартибга солувчи халқаро шартномалар масаласида давлатлар ўртасида маълум бир қийинчилик туғдирди. Чунки пандемия билан боғлиқ айрим муносабатлар мавжуд халқаро шартномалар доирасида тартибга солиниши кўзда тутилмаган эди.

Шу муносабат билан, халқаро шартномаларнинг ривожланиши ва ушбу муносабаларнинг давлатлар ва ташкилотлар ўртасида тартибга солиниши ҳозирги кунда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш ҳуқуқи давлатга тегишлидир.

✅ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари қуйидагича тузилади:

Ўзбекистон Республикаси номидан — давлатлараро шартномалар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — ҳукуматлараро шартномалар;

давлат органлари номидан ўз ваколатлари доирасида — идоралараро шартномалар.

❗️ Халқаро шартноманинг лойиҳаси ёки Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартноманинг матни экспертлар даражасида ишлаб чиқилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мажбурий ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертиза ўтказиш чоғида халқаро шартнома лойиҳасининг ёки Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартнома матнининг:

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига;

Ўзбекистон Республикасининг бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган халқаро мажбуриятларга;

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларига;

юридик техника талабларига ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини расмийлаштириш амалиётига мувофиқлиги текширилади.

Экспертлар даражасида ишлаб чиқиш халқаро шартнома билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органи томонидан манфаатдор давлат органлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади.

❗️ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз навбатида халқаро шартнома лойиҳасини ёки Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлишни мақсад қилган кўп томонлама халқаро шартнома матнини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқлиги борасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро шартнома тузиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан киритилади. Бошқа давлат органлари ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро шартнома тузиш ҳақидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга ёки у билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини тузиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан киритилади. Бошқа давлат органлари ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини тузиш тўғрисидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан бирга ёки у билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Музокаралар олиб бориш ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолаш тўғрисидаги қарорлар, агар Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса:

Ўзбекистон Республикаси номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан тузиладиган шартномаларга нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

Ўзбекистон Республикасининг идоралараро шартномаларига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, ушбу шартномалар билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органлари раҳбарлари томонидан қабул қилинади.

❗️ Халқаро шартномалар Ўзбекистон Республикаси учун ушбу Қонунга мувофиқ ҳамда халқаро шартномада назарда тутилган ёки аҳдлашувчи томонлар ўртасида келишилган тартибда ва муддатларда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилиги билдирилганидан сўнг кучга киради.

✅ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилиги халқаро шартномани имзолаш, ноталар, хатлар ёки халқаро шартномани ташкил этувчи бошқа ҳужжатлар алмашиш, халқаро шартномани ратификация қилиш, тасдиқлаш, қабул қилиш, унга қўшилиш орқали ёки аҳдлашувчи томонлар келишиб олган бошқа ҳар қандай усулда билдирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу Қонун талабларини ҳисобга олган ва халқаро шартнома қоидаларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилигини билдириш усулини аниқлайди.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг шартларига ҳамда халқаро ҳуқуққа мувофиқ уларнинг иштирокчилари ўртасидаги келишувга биноан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини таъминлаш юзасидан амалий чоралар кўради ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилиши учун жавобгарлик ўз зиммасига юклатилган давлат органлари ва мансабдор шахсларни ўз ваколатлари доирасида белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини, бундай шартномалардан келиб чиқадиган, Ўзбекистон Республикасига тегишли бўлган ҳуқуқларга риоя этилишини таъминлайди ва Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бошқа иштирокчилари томонидан ўз мажбуриятлари бажарилишини кузатиб боради.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар икки ёки ундан ортиқ давлат органларининг ваколатларига кирса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш ўз зиммасига юклатиладиган давлат органини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилиши устидан ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга оширади.

✅ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари қоидаларини қўллаш тартиби тўғрисидаги тушунтириш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда ёзма шаклда берилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилиши юзасидан мониторинг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ягона тарзда ҳисобга олишнинг, инвентаризация қилишнинг ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг қилишнинг электрон маълумотлар базаси асосида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Таъкидлаш лозимки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолияти нефть ва газ бўйича геологик қидирув ишларини олиб бориш, суюқ углеводородларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, нефть, газ, газ конденсатини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ва ривожлантириш билан боғлиқдир. Шу муносабат билан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан доимий равишда хорижий давлатларнинг етакчи ташкилотлари ва корхоналари билан турли хил келишувлар, меморандумлар тузилиши таъминламоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|